Бразилияни сув босди, ҳалок бўлганлар бор
Бразилия жанубидаги Риу-Гранди-ду-Сул штатида кучли сув тошқини туфайли ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар сони ортди, қутқарувчилар яна тўрт кишининг жасадини топган бўлиб, уларнинг сони 10 нафарга етган, маҳаллий ҳукумат эса вазиятнинг ёмонлашиши хавфидан огоҳлантиради, дея хабар беради “Известия” .
“Бразилия жанубидаги Риу-Гранди-ду-Сул штатида шу ҳафта кучли ёмғирлар туфайли ўн киши ҳалок бўлди, 21 киши бедарак йўқолди”, — дейилади материалда.
Жабрланган штат губернатори Эдуардо Лейте шундай деди: “Биз Рио-Гранди-ду-Сулда тарихимиздаги энг даҳшатли офатни бошдан кечирмоқдамиз. Ҳозир давлатимизда содир бўлаётган воқеалар жуда жиддий. Ва, афсуски, бундан ҳам баттар бўлади”. Унинг сўзларига кўра, у президент Луис Инасиу Лула да Силвадан сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларга “барча мавжуд федерал ёрдам”, жумладан, қуролли кучларни ёрдамга юборишни сўраган.
Губернаторнинг сўзларига кўра, довуллар штатда сўнгги йиллардаги энг катта вайронагарчиликка сабаб бўлган, кўприклар қулагани, сув тошқинлари ва кўчкилар туфайли йўллар вайрон бўлган бир қанча шаҳарлар яккаланиб қолган. Лейте ҳафтанинг қолган қисмида штат бўйлаб дарсларни тўхтатиб туришини эълон қилди.
Маҳаллий ҳукуматлар камида 114 та муниципалитетни сув босганини ва 3400 дан ортиқ одамни дарё сатҳининг кескин даражаси туфайли фавқулодда эвакуация қилиш кераклигини айтди.
Шарҳлар