Озарбайжон БРИКСга аъзо бўлиш учун ариза берди
Озарбайжон уни БРИКС ташкилоти таркибига қабул қилишни сўради, деб ёзади DW.
“Озарбайжон аллақачон расмий ариза топширган”, — дея маълум қилди республика ТИВ матбуот котиби Айхан Гажизаде 20 август куни. Бокунинг БРИКСга қўшилишдан манфаатдорлиги ҳақида Россия ва Озарбайжон президентлари Владимир Путин ва Илҳом Алиевнинг 19 августдаги музокаралар якуналрига кўра қабул қилинган қўшма баёнотида айтилган эди.
Боку БРИКСга қўшилмоқчи экани ҳақида 18 август куни республиканинг Россиядаги элчиси Полад Булбулўғли ҳам маълум қилганди. Мамлакат аъзолик учун ариза берган-бермагани ҳақидаги саволга жавобан у БРИКСга қўшилмоқчи бўлганлардан иборат “катта навбат” ҳосил бўлганини айтганди.
БРИКС — ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, айни пайтда унга Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, ЖАР, Миср, Эфиопия, Эрон ва БАА киради. Яна бир қатор мамлакатлар ташкилотга қўшилиш истагини билдирган. БРИКС Россия ташаббуси билан тузилган. Вазирларнинг ташкилот форматидаги илк учрашуви 2006 йил 20 сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг Нью-Йоркдаги сессияси доирасида бўлиб ўтган.
БРИКСга аъзо бўлиш юридик таъсирларга эга эмас. Таъкидланишича, шу пайтгача унга аъзо мамлакатлар ҳатто эркин савдо ҳақида битим имзолай олмаган.
Шарҳлар