“БРИКС” саммитига таклиф этилган хорижий меҳмонларнинг учдан бир қисми унга боришдан бош тортди

Фото: Риа Новости

Қозондаги “БРИКС” саммитида иштирок этишга рози бўлган мамлакатларнинг деярли учдан бир қисми давлат раҳбарлари даражасида вакилликка эга эмас, бу ҳақда Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, 32 давлат вакиллари тадбирда иштирок этишини тасдиқлаган, бироқ улардан саккизтаси биринчи шахслар эмас, балки “иккинчи ёки учинчи” шахслардир.

Хусусан, “БРИКС”га аъзо бўлган Саудия Арабистони раҳбари келмайди, унинг ўрнига саммитда қироллик ташқи ишлар вазири иштирок этади. Шу билан бирга, Хитой раҳбари Си Цзинпин, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Бразилия президенти Лула Инасио да Силва ўзларининг иштирокини тасдиқлаган. Тадбирда, шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, МДҲ, ЕОИИ, Иттифоқ давлати бош котиблари, шунингдек, Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф иштирок этади.

“БРИКС” саммити икки қисмдан иборат бўлади. Биринчи қисм ташкилотга аъзо мамлакатларнинг йиғилиши бўлиб, унда Россиянинг 2024 йил учун “БРИКС”га раислиги шиори бўлган «Адолатли глобал ривожланиш ва хавфсизлик учун кўп томонламаликни мустаҳкамлаш» мавзуси муҳокама қилинади. Ушбу босқичнинг асосий воқеалари 22 октябрь куни ва 23 октябрнинг биринчи ярмида бўлиб ўтади.

Иккинчи қисм “БРИКС плюс/аутрич” форматидаги учрашув бўлиб, унда асосий мавзу “БРИКС ва Глобал Жануб – биргаликда яхшироқ дунёни яратиш” бўлади. Ушбу босқич тадбирлари 23 октябрь куни тушдан кейин ўтказилиб, 24 октябрда давом этади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.