Британия бош вазири Эрон президентини Исроилга зарба беришдан тийилишга чақирди
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Эрон президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали суҳбатлашди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Британия бош вазири канселярияси маълум қилишича, улар Яқин Шарқда давом этаётган низони муҳокама қилган. Стармер Эрон президентини Исроилга ҳужумдан тийилишга чақирган ва вазият кескинлашуви томонлардан ҳеч бири учун манфаатли эмаслигини таъкидлаган.
Стармер ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, барча асирларни озод этиш ва Ғазо секторига гуманитар ёрдам ҳажмини ошириш тарафдори эканини қайд этиб, ушбу натижаларга эришиш учун бор эътиборни музокараларга қаратиш лозимлигини қўшимча қилган.
Бундан ташқари, Британия бош вазири Пезешкиён билан мулоқот чоғида Эронда қўлга олинган чет эл фуқаролари мавзусини ҳам кўтарган ва уларга тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш зарурлигини таъкидлаган.
Стармер агар Эрон “беқарорлаштирувчи хатти-ҳаракатлар”дан воз кечмаса, Лондон ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлар ривожланмаслигини билдирди.
Теҳронда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония ўлдирилганидан кейин Эрон Исроилга нисбатан кенг кўламли зарба беришни ваъда қилган эди. Ҳужум яқин кунларда амалга ошиши мумкин. Исроил ўз қўшинларини юқори жанговар шайлик ҳолатига келтириб қўйган.
Шарҳлар