Буюк Британияда Украинадан қайтиб келган ҳарбий ўлик ҳолда топилди
Буюк Британияда Украина қуролли кучлари томонида туриб жанг қилиш учун уруш ҳудудига бориб келган кўнгилли Гарри Грегг ўлик ҳолда топилди, деб хабар бермоқда The Telegraph унинг оиласига таяниб.
Грегг 25 ёшга тўлган куннинг эртасига ўз жонига қасд қилган. У Британия собиқ ташқи ишлар вазири Лиз Трасс Украина томонида жанг қилган ҳар бир одам “демократия йўлидаги уруш”га қўшилишини айтганидан кейин Украинага кетган эди. Грегг ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган, аммо аввалроқ кадет отрядларида хизмат ўтаган.
“У одамларга ёрдам кераклигини билгани учун Украинага кетганди”, — деди Греггнинг онаси. Унинг айтишича, урушда ўғли окопда ўзи билан бирга бўлган ўртоғининг ўлимига гувоҳ бўлган. Буюк Британияга қайтгач, унга посттравматик стресс бузилиши ташхиси қўйилган, оиласи унга зарур ёрдамни қўлга кирита олмаган.
Россия ҳарбий операцияси бошланганидан кейин бир неча кун ўтиб, Украина президенти Владимир Зеленский чет элдан кўнгиллиларни жалб қилиш учун ҳудудий мудофаа халқаро легион ташкил этилганини эълон қилганди. 2022 йил апрелидаги маълумотларга кўра, легионга 50 дан ортиқ мамлакатдан 20 минг киши қўшилган. 2023 йил март ҳолатига, Украина қуролли кучлари томонида 1,5 мингга яқин хорижлик қолган.
Россия Мудофаа вазирлиги 2024 йил январида маълум қилишича, 2022 йил февралидан буён УҚК Европа, Америка, Осиё ва Африка мамлакатларидан 13,5 мингдан зиёд одамни жалб қилган.
Шарҳлар