Польша Беларусь билан чегарада буфер зонасини қайтадан ишга туширади
Польша миллий мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш 4 июндан Беларусь билан чегарадаги буфер зонаси қайтадан ишга туширилишини эълон қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. У Гайновский ва Белостокский туманларини қамраб олади. Ноқонуний муҳожир чегарани кесиб ўтишга уриниб, ҳарбий хизматчини яралаганидан кейин, шундай қарор қабул қилинган.
Буфер зонаси чегара бўйлаб Гайновский туманида 26 та нуқтада, Белостокский туманида эса 1 та жойда ўрнатилмоқда. Унинг ичида алоҳида режим амал қилади. Ушбу зоналарда чегарага 200 метрдан яқинроқ келиш мумкин бўлмайди. Косиняк-Камиш ушбу қарорни чегара ҳимоясини яхшилаш ва ходимлар хавфсизлигини ошириш билан изоҳлади.
Буфер зонаси Польшада Беларусь билан чегарада 2021—2022 йилларда миграция инқирози фонида амал қилган эди.
Беларусь билан чегарада польшалик аскарга қилинган ҳужумдан кейин бош вазир Дональд Туск қўшимча кучлар юборилишини эълон қилди. Ҳарбий хизматчининг ҳаёти хавф остида эмас.
Шарҳлар