Буюк Британия Украинага қуроллари билан Россия ҳудудига ҳужум уюштиришга рухсат берди
Украина Қуролли Кучлари (УҚК) ўзини ҳимоя қилиш ва Россиянинг Украина нишонларига бўлган ҳужумларга жавобан Британия қуроллари билан Россия ҳудудига зарба бериши мумкин. Бу ҳақда Британия ташқи ишлар вазири Девид Кемерон маълум қилди.
“Украина бунга ҳақли. Россия Украинани нишонга олса, Украина ўзини ҳимоя қила олишига ишонч ҳосил қилиш заруратини ҳис қилиши тушунарли”, — деган Кемерон Киевга ташрифи чоғида.
У Буюк Британиядан Украинага ҳар йили ёрдам беришга ваъда берди. Унга кўра, Лондон Киевга йилига 3 миллиард фунт стерлинг (3,74 миллиард доллар) жўнатади. Кемероннинг айтишича, ҳозирча қурол етказиб берилмайди, чунки Британия Киевга омборлардан қўлидан келганини жўнатган.
Буюк Британия дипломати АҚШ Конгресси узоқ вақтдан бери кечиктирилган 60 миллиард долларлик ёрдам пакетини қабул қилганини нишонлади.
«Бу нафақат қурол-яроғ таъминоти нуқтаи назаридан, балки Украинадаги одамларнинг маънавий юксалиши нуқтаи назаридан ҳам жуда зарур».
Лондон биринчи бўлиб 2023 йил май ойида 250–500 км масофага учадиган узоқ масофали Storm Shadow ракеталарини Киевга топширди. Дастлаб, улар Украина Қуролли Кучларининг қарши ҳужуми пайтида, шу жумладан Қримдаги Россия ҳарбий объектларига ҳужум қилиш учун ишлатилиши тахмин қилинган.
Storm Shadow масофаси Украина армиясига Россиянинг кўплаб шаҳарларига зарба беришга имкон беради – Брянск, Орел, Курск, Воронеж ва Белгород ҳужум хавфи остида. Бир йил аввал Буюк Британия ҳукумати Украинадан ракеталар фақат босиб олинган Украина ҳудудларидаги нишонларга ҳужум қилиш учун ишлатилишига кафолат олган эди.
Шарҳлар