“ЦАХАЛ” Ғазонинг марказий ҳудудларидаги аҳолига эвакуация қилинишни буюрди

Фото: Jehad Alshrafi/AP

Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) бир неча ҳафта ичида биринчи марта Ғазонинг марказий қисмида яшовчи аҳолига эвакуация қилиниш ҳақида огоҳлантирди ва Исроил қўшинлари Хамас жангариларига жавобан қуруқликдаги амалиётларни кенгайтиришни режалаштираётганини айтди.

Буйруқ анклавни шарқдан ғарбга кесиб ўтувчи ва Филадельфия йўлаги каби исроилликлар томонидан “оператив назорат остига олинган” стратегик Нетзарим йўлаги бўйлаб жойлашган ҳудудларга тааллуқли. Ушбу зоналарда “ЦАХАЛ”нинг мавжудлиги Ғазо бўйича сулҳ музокараларида асосий тўсиқ бўлди.

Хабарларга кўра, Исроил Нетзарим йўлаги бўйлаб Нусейрат ва Бурейж қочқинлар лагерларида жойлашган фаластинликларни аввалроқ гуманитар ҳудуд деб эълон қилинган Муваси қирғоқ ҳудудига қочиш зарурати ҳақида огоҳлантирган.

“Хамас ва бошқа террорчи ташкилотлар сизнинг ҳудудингизда террорчилик фаолиятини давом эттирмоқда, шунинг учун “ЦАХАЛ” бу унсурларга қарши катта куч билан ҳаракат қилади”, — дейилади буйруқда,  унга эвакуация қилиниши керак бўлган мавзелар кўрсатилган харитани илова қилинган.  

Буйруқ эълон қилинганидан кейин бир соат ўтмай, Нусейрат лагери ҳудудининг шимолий қисми Исроил артиллерияси томонидан ўққа тутилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Исроил аскарлари тез-тез Хамас фаоллиги янгилангани ҳақидаги хабарларга жавобан авваллари амалиёт ўтказган ҳудудларга қайтиб туради.

Ўз ҳисоботларида тинч аҳоли ва жангариларни фарқламайдиган Хамас назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ғазода қарийб бир йиллик уруш давомида 42 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.