,

“Чаламуллалар Россияни қўшни халқлар билан уриштирмоқда”. Рус сиёсатчиси Олег Шеин инқилобгача ўзбеклар мавжуд бўлмагани ҳақидаги баёнотни рад этиб чиқди

Фото: “Коммерсантъ”

Россиялик сиёсатчи, Давлат думаси собиқ депутати Олег Шеин тарихчи Михаил Смолиннинг инқилобгача ўзбеклар мавжуд бўлмагани ҳақидаги гапларига эътироз билдирди. Бу ҳақда у ўз Telegram-каналида ёзди.

“Навбатдаги чаламуллалар Россияни қўшни халқлар билан уриштиришда давом этмоқда. Бу сафар яна бир ‘эксперт’ ҳеч қандай қозоқлар, озарбайжонлар ва ўзбеклар ҳеч қачон бўлмагани, уларни Ленин 18-йилда ўйлаб топганини айтди”, — деб бошлайди депутат ўз постини.

“Аслида ўзбек этноними Олтин ўрда даврларидан буён мавжуд бўлиб келган, унинг энг кўзга кўринарли ҳукмдорларидан бири айнан Ўзбекхон бўлган, бу эса умумтаълим мактабининг тахминан бешинчи синфида ўтиладиган мавзу. Озарбайжонлар эса мамлакат топоними шарафига номланган турклар, худди австрияликлар немис бўлиб, давлат номи эвазига шундай аталгани каби”, — деб ёзади Шеин.

Шунингдек, сиёсатчи рус тилидаги “казах” сўзи ҳақиқатан ҳам руслар томонидан ўйлаб топилгани, мақсад ушбу этносни “казак”лардан ажратиш бўлганини қайд этган. “Аммо бу бизнинг муаммомиз, уларники эмас”, — дея таъкидлади у.

“Аммо одамлар бу гапларни ўзига сингдиради. Фашистларга хос бўлган, қўшни, ‘ҳақиқий бўлмаган’ халқлардан устунлик дискурси шу тариқа шаклланади, улар хоҳ украинлар бўлсин, хоҳ қозоқлар, ўзбеклар ёки бошқа халқлар бўлсин”, — дея якунлайди сиёсатчи ўз постини.

Аввалроқ россиялик тарихчи Михаил Смолин НТВ телеканалидаги кўрсатувда инқилобгача ўзбеклар бўлмаган деган баёнот билан чиқиш қилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.