“Чегара билмас шифокорлар” Россияда ўз фаолиятини тўхтатмоқда

Фото: Риа Новости

“Чегара билмас шифокорлар” халқаро гуманитар ташкилоти (Médecins Sans Frontières, MSF) 32 йиллик фаолиятидан сўнг Россиядаги фаолиятини тўхтатмоқда. Бу ҳақда ташкилот сайтида чоп этилган баёнотда айтилади.

MSF жорий йилнинг август ойида Россия Адлия вазирлигидан “Чегара билмас шифокорлар” нодавлат ташкилоти филиалини хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари реестридан чиқариш тўғрисидаги қарор билан хат олганини хабар қилади. Бу қарор аслида ташкилотнинг Россиядаги фаолиятини ноқонуний қилади.

Таъкидланишича, ташкилот 32 йил давомида Москва, Санкт-Петербург, Кемерово области, Чеченистон, Ингушетия, Доғистон, сўнгги пайтларда Архангельск ва Иваново областларида, шунингдек, Россия жанубида, Белгород ва Ростов-Донда фаолият кўрсатган.

Баёнотда аниқлик киритилишича, “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти зарур рухсатнома олган тақдирда Россия билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.