Чегарачига қилинган ҳужумдан сўнг Польша Беларусь билан чегарада буфер зонасини тиклаши мумкин
Польша бош вазири Дональд Туск келаси ҳафта ҳукумат Беларусь билан чегарадаги 200 метрлик буфер зонани тиклаш масаласини кўриб чиқишига ваъда қилди.
Бу баёнот Беларусь билан чегарада польшалик чегарачи пичоқланган воқеадан сўнг берилган. Польшанинг Дубиче-Церкевне қишлоғи яқинидаги чегара деворига ҳужум муҳожир томонидан амалга оширилгани айтилмоқда. Польша чегара хизматининг зобити касалхонага ётқизилган ва унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Ҳужум муносабати билан Дональд Туск қишлоққа етиб келган. У журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, 200 метрлик буфер зонани тиклаш чегарани янада самарали ҳимоя қилиш учун мақсадга мувофиқ бўлишини айтди.
Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш, ўз навбатида, чегарани қўриқлаётган аскарлар сони кўпайтирилишини қайд этди.
2021 йилда Польша-Беларусь чегарасида учинчи давлатлардан – асосан Яқин Шарқ ва Афғонистондан ноқонуний муҳожирлар оқими туфайли миграцион инқироз юзага келди. Шундан сўнг Европа Иттифоқи Беларуснинг Польша ва Болтиқбўйи давлатлари билан чегарасидаги миграцион инқироз Александр Лукашенко томонидан атайлаб қўзғатилганини, Брюсселнинг фикрича, шу тариқа у Ғарбдан санкциялар учун ўч олишга уринаётганини билдирди.
Польша ҳукумати Владимир Путинни Польшанинг Беларусь билан чегарасида миграцион инқирозни юзага келтириш учун жавобгар деб билишини билдирди. Польшанинг собиқ бош вазири Матеуш Моравецки Лукашенкони Москва буюртмасининг “ижрочиси” деб атади.
Ўшанда Беларусь ва Россия расмийлари уларнинг ноқонуний миграцияга алоқадорлигини кетма-кет рад этганди. 2022 йилда Польша ноқонуний миграциянинг олдини олиш учун Беларусь билан чегарада ажратувчи девор қурди.
Шарҳлар