КХДР аскарлари қисқа муддатга Жанубий Корея билан чегарани кесиб ўтди
Шимолий Корея ҳарбийлари Жанубий Корея билан чегарадаги қуролсизлантирилган ҳудудда қисқа муддатга демаркация чизиғини босиб ўтди, деб хабар бермоқда DW.
Корея Республикаси Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълум қилишича, жанубий кореялик чегарачилар бир неча марта огоҳлантирувчи ўқ узгач, аскарлар КХДР ҳудудига қайтиб кетган.
Ҳодиса маҳаллий вақт билан 20 июнь куни 11:00 атрофида юз берган. У тасодифий хусусиятга эга бўлган, деб тахмин қилинмоқда. Июнь бошидан буён шимолий кореялик ҳарбийлар икки давлат ўртасидаги чегарани босиб ўтиши билан боғлиқ ҳолат тўртинчи марта кузатилмоқда. Шундай ҳодисалар 9 ва 18 июнь кунлари ҳам юз берган. Корея Республикаси Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасидагилар фикрича, уларнинг барчаси тасодифий бўлган.
“Рёнхап” ёзишича, чегарани бузиб ўтиш ҳолатлари КХДР чегарага уни мустаҳкамлаш учун катта сонли қўшинларини жойлаштиргани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Айни пайтда улар миналар ўрнатмоқда, танкка қарши тўсиқ сифатида девор қурмоқда, шунингдек, йўлларни мустаҳкамламоқда.
Шарҳлар