Чехия президенти АҚШдаги сайловлардан кейин Трамп ва Путин битим тузиши ҳақида огоҳлантирди
Чехия президенти Петр Павел АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп давлат раҳбари лавозимига сайланган тақдирда, россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан битим тузиши мумкинлигини айтди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Чехия етакчиси сўзларига кўра, Европа Трампнинг АҚШ президенти сайловларидаги ғалабасига тайёр туриши керак.
Чехия радиосига берган интервьюсида Петр Павел Россия ҳукуматининг Дональд Трамп билан келишуви Украинанинг зарарига ишлаши мумкинлигини айтди. “Гап Трансатлантика алоқаларининг бузилиши ҳақида эмас, балки АҚШга иттифоқдош сифатидаги синов ҳақида бормоқда. Аммо шуни ҳақиқатда тан олиш керакки, Дональд Трамп бир қатор нарсаларга бошқача қарайди”, — деди у.
Июль ойида Дональд Трамп агар у ҳокимият тепасида бўлганида, Украинадаги низони 24 соат ичида тўхтатган бўлишини айтганди. Бунинг учун у Украина президенти Владимир Зеленскийдан музокараларни бошлашни сўраган бўларди, шу билан бирга, Владимир Путинга мулоқотдан бош тортадиган бўлса, АҚШ Украина қуролли кучларига ҳарбий кўмак ҳажмини оширишини айтиб, таҳдид қилган бўларди. Трамп Владимир Зеленскийни “жуда яхши” танишини, Владимир Путинни эса ундан ҳам яхшироқ билишини даъво қилганди.
Владимир Зеленский “агар Трамп тинчликни таъминласа”, у “бахтли президент”га айланишини, чунки Украина жанговар ҳаракатлар чоғида кўп талафотлар кўраётгани ҳақида гапирганди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Украинадаги низо бир кунда ҳал қилиш учун ўта мураккаб муаммо эканини айтганди. Россия ҳукумати Дональд Трамп билан музокаралар олиб бора олган бўлармиди? — деган саволга жавобан, Кремль вакили шундай жавоб берган эди: “Путин Россия билан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ва бизнинг манфаатларимизни ҳисобга олишни ниҳоят тушиниб етадиган ҳар қандай президент билан ишлашга тайёр”.
Шарҳлар