Чили собиқ президенти Себастьян Пиньера вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди
Чили собиқ президенти Себастьян Пиньера ўтирган вертолёт мамлакат жанубидаги Лос-Риос минтақасида Ранко кўлига қулади, деб хабар беради Meduza маҳаллий нашрларга таяниб.
Robinson R66 вертолёти бортида тўрт киши: Пиньеранинг ўзи ва унинг қариндошлари бўлган. Ҳалокатдан кейин йўловчилар қирғоққача сузиб боришга муваффақ бўлган, аммо вертолётни бошқарган собиқ президент хавфсизлик камарини очолмай қолгани сабабли чўкиб кетган. Қутқарувчилар унинг жасадини 40 метр чуқурликдан олиб чиққан.
Ҳодиса сабаблари ҳозирча номаълум. Хабарларга кўра, вертолёт учиб чиққанидан кейин бир неча дақиқа ўтиб қулаган. Ҳаво ёмғирли бўлгани айтилмоқда.
74 ёшли Себастьян Пиньера Чилига икки марта раҳбарлик қилган. У 2010-2014 ва 2018-2022 йилларда президент лавозимини эгаллаган.
Шарҳлар