CIT: Белгороддаги уйнинг бир қисмини вайрон қилган снаряд Украина томонидан учиб келиши мумкин бўлмаган

Фото: Sputnik

Conflict Intelligence Team (CIT)  тергов лойиҳаси таҳлилчилари 12 май куни Белгороддаги уйнинг кириш қисмини вайрон қилган снаряд Украина томондан келиши мумкин эмаслигини аниқлади. CIT лойиҳасининг фикрича, бу ё ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси ёки Россия томонидан учирилган ҳаво бомбаси, дейди лойиҳа асосчиси Руслан Левиев.

Унинг сўзларига кўра, воқеа жойидан мавжуд бўлган барча фото ва видеоларни ўрганган таҳлилчилар уйнинг шимоли-шарқий қисмидан (яъни Россия томонидан) келган деган хулосага келишган. Буни синган деразалардан ҳам кўриш мумкин.

“Шу билан бирга, жануби-ғарбий томонда деярли барча деразалар бутун. Бундан ташқари, гараж эшиклари кўринади, улар уйнинг шимолий томонида жойлашган – улар ичкарига букилган. Кўриниб турибдики, портлаш тўлқини шу ерда содир бўлган: у шимоли-шарқдан жануби-ғарбга қараб кетган. Снаряд Россия томонидан келган”, — дейди Левиев.

Унинг тушунтиришича, шунга ўхшаш ҳодисалар Россияда аввал ҳам содир бўлган. Бунинг сабаби, учирилгандан кейин пастга қулаган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ракетасидаги носозлик ёки ҳаво бомбасининг қанотларининг очилмагани бўлиши мумкин. Иккинчи версияни, бинонинг бир қисми қулаган пайтда Украина манбалари Россия Харьков областидаги объектларга қарши режалаштирилган ҳаво бомбаларини қўллагани ҳақида хабар бергани билан тасдиқланади.

15 кишининг ҳаётига зомин бўлган бинонинг қулаши 12 май куни эрталаб содир бўлган. Россия расмийлари воқеада Украинани айблади. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўша куни Россия ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган Украинанинг “Точка У” ракеталаридан бирининг бўлаклари уйга келиб тушган. Гладковнинг таъкидлашича, уйга кириш жойи «тўғридан-тўғри снаряд зарбаси» натижасида қулаб тушган.

Украина олий ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти ҳозирча Россия томонининг баёнотларига изоҳ бермади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.