CNN телеканали Rheinmetall компаниясининг раҳбарига уюштирилган суиқасд ҳақида хабар берди
Американинг CNN телеканали 2024 йил бошида Америка ва Германия разведка хизматлари Rheinmetall AG бош директори Армин Паппергерга суиқасднинг олди олингани ҳақида хабар берди, деб ёзади “Коммерсант”.
Ўз материалида телеканал бешта аноним манбадан олинган маълумотлардан фойдаланган. Уларнинг сўзларига кўра, АҚШ разведка хизматлари дастлаб суиқасд тайёрланаётганидан хабар топган, шундан сўнг бу маълумотлар Берлинга етказилган ва бу қотилликнинг олдини олишга ёрдам берган.
Материалда бошқа тафсилотлар келтирилмаган. Қайд этилишича, бу Америка махсус хизматларига ҳам маълум бўлган «жуда яхши ўйланган» суиқасд бўлган. Сўз Европа Иттифоқида мудофаа саноати раҳбарларига нисбатан тайёрланаётган бир қатор суиқасдлар ҳақида кетмоқда.
CNN хабарига кўра, уларнинг ортида Россия турган бўлиши мумкин, аммо бунинг исботини келтирмаган. Телеканалнинг таъкидлашича, у Россиянинг Вашингтондаги элчихонасидан олинган маълумотларга изоҳ беришни сўраган, бироқ материалда жавоб ҳақида ҳеч нарса маълум қилинмаган.
Rheinmetall – бош қароргоҳи Дюсселдорфда (Германия) жойлашган Европанинг энг йирик қурол ишлаб чиқарувчиси. Концерн, жумладан, Украина армияси учун қурол ишлаб чиқариш бўйича шартномалар асосида ишлайди. Компания CNN материалига изоҳ бермади.
Шарҳлар