COP-29: БААнинг Masdar компанияси Ўзбекистонда қуввати 1000 мегаватт бўлган шамол электр станциясини қуради
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган COP-29 конференцияси доирасида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси ўртасида Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди.
Мазкур электр станцияси қурилиши жараёнида 600 дан 800 тагача янги иш ўрни яратилади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида йилига 3,5 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 1 миллиард метр куб табиий газни тежаш имконини беради.
“Ушбу лойиҳа нафақат иқтисодий нуқтаи назардан, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ҳам катта аҳамиятга эга электр станцияси Masdar компанияси билан ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи бўлиб, Ўзбекистонга энергия хавфсизлигини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш имконини беради”, – дейилади вазирлик хабарида.
Компания билан ҳамкорлик доирасида умумий қуввати 1497 МВт бўлган лойиҳалар – Зарафшондаги шамол электр станцияси (500 МВт), шунингдек, Кармана (100 МВт), Ғаллаорол (220 МВт) қуёш фотоэлектр станциялари, Каттақўрғон (220 МВт) ва Шеробод (457 МВт) қурилиши амалга оширилди. Бундан ташқари, йирик лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Бухоро вилоятининг Олот туманида (250 МВт) ва Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида (300 МВт) фотоэлектр станцияларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар