Зеленский Денис Шмигални бош вазирликдан кетказмоқчи — ОАВ
Владимир Зеленский Денис Шмигални Украина бош вазири лавозимидан бўшатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Украинская правда” ёзмоқда.
“Президент Шмигалдан чарчади, бу мажлислардаги муносабатидан кўриняпти. Зеленский унга унча қулоқ ҳам солмай қўйган. Бу ҳисоб-китобдан кўра кўпроқ ҳиссиётларга боғлиқ нарса… Зеленский нуқул ижодий ечимлар ва таклифларни кутади, Шмигал эса сўнгги йилларда ўсганига қарамасдан, бутунлай ўзгара олмаяпти”, — деди нашр манбаларидан бири.
Яна бир манба қайд этишича, Шмигалнинг истеъфоси сўнгги икки ой ичида аллақачон икки марта муҳокама қилинган.
Бош вазир лавозимига бир нечта номзодлар кўриб чиқилмоқда, эҳтимоли энг катта бўлгани — бош вазир биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко. Шунингдек, ҳудудлар бўйича собиқ вазир ва “Нафтогаз” собиқ бошқарув раиси Алексей Чернишев номзоди ҳам кўриб чиқилмоқда.
Шарҳлар