Туркманистон Ўзбекистон ва бошқа қўшни мамлакатлардан баъзи фуқароларини депортация қилишни сўради
19 июль куни Туркманистон дипломатик каналлар орқали бир қатор мамлакатларга 50 кишидан иборат рўйхатни тақдим этиб, уларни ўз ҳудудларига киритмасликни ёки Туркманистонга депортация қилишни сўраган, деб хабар бермоқда “Хроники Туркменистана”.
Бундай илтимос билан Беларусь, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия, Эрон ва катта эҳтимол билан, Молдова, Грузия ва Арманистонга мурожаат қилинган.
Ҳукумат фикрича, рўйхатдан ўрин олган активист фуқаролар, журналистлар, мустақил ОАВлар ва мухолифат вакиллари давлат хавфсизлигига таҳдид солади. Ушбу рўйхатдаги тўққиз кишини Туркманистон ўз ватанига қайтаришни сўрамоқда.
Таъкидланишича, бундай мурожаатнинг берилиши уни хорижий мамлакатлар амалга оширишини англатмайди. Аммо Turkmen news мустақил нашри муҳаррири Руслан Мятиев 25 июль куни Туркиядан депортация қилингани ушбу мамлакат Туркманистон томонининг илтимосига жиддий ёндашганини кўрсатади.
Шарҳлар