Венесуэла сайлов натижаларини танқид қилган мамлакатлардан ўз дипломатларини чақириб олади
Венесуэла ҳукумати бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини танқид қилган Аргентина, Доминика республикаси, Коста-Рика, Панама, Перу, Уругвай ва Чилидан барча дипломатик ходимларини чақириб олишга қарор қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Венесуэла Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда таъкидланишича, ушбу етти мамлакат вакиллари Венесуэла ҳудудини зудлик билан тарк этиши керак.
“Венесуэла Вашингтонга бўйсунувчи ва президент сайлови натижаларини писанд қилмоқчи бўлмаган ўнг ҳукуматлар гуруҳининг аралашувчилик хусусиятига эга баёнотлари ва хатти-ҳаракатларини қатъиян қабул қилмаслигини билдиради”, — дейилади Венесуэла ташқи ишлар вазири Иван Хиль Пинто Х ижтимоий тармоғида эълон қилган хабарда.
Лотин Америкасининг бир қатор мамлакатларининг президент сайловига муносабати, Венесуэла ҳукумати фикрича, “мамлакат миллий суверенитетига таҳдид солувчи разил прецедент ҳисобланади”.
Венесуэла президенти сайлови 28 июль куни бўлиб ўтди. 29 июль куни кечқурун Миллий сайлов кенгаши Николас Мадурони расман ғолиб деб эълон қилди. Бюллетенларнинг 80 фоизи ҳисоблаб чиқилгач, Мадуро 51,2 фоиз, унинг асосий рақиби Эдмундо Гонсалес эса 44,2 фоиз овоз тўплаган.
Шундан кейин Венесуэла пойтахти Каракасда мухолифат тарафдорлари президент сайлови натижаларидан норози бўлиб намойишга чиқди.
Аргентина, Гватемала, Доминика республикаси, Коста-Рика, Панама, Парагвай, Перу, Уругвай ва Эквадор ҳукуматлари Венесуэладаги президент сайлови натижалари туфайли, Америка давлатлари ташкилоти (АДТ)нинг шошилинч учрашувини чақиришга даъват этди.
Шарҳлар