Доғистонда қариндошлари терактда қатнашган Сергокала районининг собиқ раҳбари ҳибсга олинди
Доғистон суди ишдан бўшатилган Сергокала райони раҳбари Магомед Омаровни майда безорилик моддаси билан ўн кунга ҳибсга олди. Бу ҳақда ТАСС ва “РИА Новости” хабар беради.
Аввалроқ “Интерфакс” ва “Коммерсант” ўз манбаларига таяниб, Омаров майда безорилик моддаси бўйича қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, хавфсизлик кучлари мансабдор шахсга қарши терроризмга ёрдам бериш ишини қўзғатиш учун материаллар тайёрламоқда.
Дастлаб 23 июнь куни Доғистондаги черков ва синагогага ҳужум қилган террорчилар орасида Омаровнинг икки ўғли – 31 ёшли Усмон Омаров ва 37 ёшли Одил Омаров ва унинг 32 ёшли жияни Абдусамад Амадзиев ҳам борлиги маълум бўлган эди.
Омаров сўроқ пайтида ҳужумда иштирок этган ўғиллари ва жияни “ваҳобийлар” эканини, бироқ у сўнгги йилларда улар билан мулоқот қилмаганини айтган. Шунингдек, у ўзини бошқа қариндошлари каби ваҳобийлик ҳаракати аъзоси деб ҳисобламаслигига ишонтирган.
Бироқ, кейин “РИА Новости” бошқа ҳужумчи, 36 ёшли Али Закаригаев ҳам Омаровнинг жияни эканлигини хабар қилди.
Терактдан сўнг Омаров нафақат қўлга олинди, балки Сергокала райони раҳбари лавозимидан ҳам четлаштирилди, шунингдек, “Ягона Россия” партиясидан ҳам ўчирилди.
Шарҳлар