DPA: Россия НАТОнинг Германиядаги базасига дронлар билан ҳужум қилишни режалаштиргани маълум бўлди
Россия Германиянинг Гельзенкирхен шаҳридаги НАТО ҳаво базасида дронлар ёрдамида қўпорувчилик қилишни режалаштирган, дея хабар беради Deutsche Presse-Agentur (DPA) немис разведкасига таяниб.
Журналистларнинг сўзларига кўра, бу ҳақда хорижий разведка хизматлари маълум қилган.
Гельзенкирхен аэродромида 14 та Boeing E-3A Airborne Warning & Control System (AWACS) самолётлари жойлаштирилган бўлиб, улар узоқ масофадаги ҳаво ва ер усти нишонларини аниқлай оладиган узоқ масофали радарлар ва сенсорлар билан жиҳозланган. Бундай самолёт 9150 метр баландликда учади ва 300 минг квадрат километрдан ортиқ кузатув майдонини эгаллайди.
Йил бошида Россия қуролли кучлари Россияда ишлаб чиқарилган иккита ўхшаш разведка самолёти – А-50 ни йўқотганди. Украина ҳарбийлари улар Украина қуролли кучлари томонидан уриб туширилганини маълум қилишди ва Z-каналлари Россия ҳаво мудофаасидан дўстона отишма ҳақида ёзди.
Ўтган ҳафта Альянс “эҳтимолий таҳдид” туфайли базада хавфсизликни кучайтирди ва эҳтиёт чораси сифатида ўз ходимларини уйларига жўнатди. Аэродромда ҳам, НАТОнинг Брюсселдаги штаб-квартирасида ҳам дронлар парвозлари ҳақидаги тахминлар рад этилди.
8 августга ўтар кечаси Германия шимолида биринчи марта дрон кузатилди. Шундан сўнг, мамлакат ҳаво ҳудудида яна бир нечта дрон пайдо бўлди, жумладан 22 август кунида. Парвозлар, шунингдек, саноат парки, тугатилган атом электр станцияси ва янги суюлтирилган табиий газ терминали устида ҳам қайд этилган.
Булар аниқлаш тизимларидан қочиш учун махсус ишлаб чиқилган ҳарбий дронлар бўлиши мумкин, дейди полиция. Улар фақат тунда соатига 100 км тезликда ҳаракат қилган, манёврлар қилган, чироқларни ёқиб-ўчирган, шунингдек, тез-тез баландликни ўзгартирган.
Германия хавфсизлик идоралари дронларнинг қаердан учирилган бўлиши мумкинлигини текширмоқда, улар Шимолий денгиз ва Болтиқ денгизидаги Россия кемаларидан ёки Калининграддан учирилган бўлиши мумкин.
Шарҳлар