Россия Украинага дронлар билан ҳужум қилди. Украина 17 та дрондан 16 тасини уриб туширганини маълум қилди
Россия армияси 12 апрелга ўтар кечаси Украинага ҳаводан янги зарбалар берди, деб ёзади Медуза.
Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотларига кўра, Россия қўшинлари босиб олинган Қрим ҳудудидаги Чауда бурнидан “Шаҳед-131/136” туридаги 17 та зарбдор учар қурилмаларни ҳамда Донбассдан Х-59 бошқарилувчи авиация ракетасини учирган.
Украина ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари Николаев, Одесса, Херсон, Днепропетровск, Винница ва Хмельница вилоятларида 16 та дронни уриб туширган. Россия зарбалари қандай оқибатларга олиб келгани ҳақида маълумотлар йўқ.
Украина Жануб мудофааси кучлари қўмондонлиги хабарига кўра, Россия яна Украина вилоятларидаги энергетика инфратузилмасини нишонга олган. Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими қарийб беш соат давомида ишлаган.
Ўз навбатида Россия Мудофаа вазирлиги 12 апрелга ўтар кечаси Ростов вилоятида тўртта ва Белгород вилоятида битта самолёт туридаги учар қурилмаларни уриб туширганини маълум қилди.
Шарҳлар