Дубай кучли ёмғир ёққани туфайли сув остида қолди
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ёққан кучли ёмғир туфайли йўллар тўсилган, авирейслар бекор қилинган ва метро сув остида қолган.
«Ҳозир Дубайда сув қумдан ҳам кўп. Автомобиллар сувда сузяпти. Такси нархи беш баравар ошди. Маҳаллий аэропорт самолётларнинг келишини тўхтатди, кўплаб рейслар бекор қилинди ёки кечиктирилди. Учиш-қўниш йўлаклари сув остида қолди», – дейилади хабарда.
Шаҳар об-ҳаво хавфининг “тўқ сариқ” даражасини эълон қилган. Миллий фавқулодда вазиятлар агентлиги аҳолини уйда қолишга чақирган.
Бу ҳолат бутун мамлакат бўйлаб кузатилмоқда: футбол ўйинлари бекор қилинган, таълим муассасалари ёпилган, ишчилар ва давлат хизматчилари масофадан ишлашга ўтган.
Ҳаммаси бир кун аввал қўшни Уммонда бошланган. Кучли ёмғир сув тошқинига сабаб бўлган. Камида 17 киши ҳаётдан кўз юмган. Метеорологлар минтақа учун ғайритабиий об-ҳаво чоршанба куни ҳам давом этиши ҳақида огоҳлантирмоқда, деб хабар беради mir24.tv.
Шарҳлар