Дунёда биринчи марта Аляскапокс касаллигидан ўлим қайд этилди
Аляскада кекса эркак Аляскапокс вирусидан вафот этди. Бу чечакка жуда ўхшаш бўлган ушбу касаллик натижасидаги биринчи ўлим ҳолатидир, деб хабар беради Alaska Public Media портали Аляска соғлиқни сақлаш департаментига таяниб.
“Бу Аляскапокс оғир инфекцияси натижасида касалхонага тушиш ва ўлим келиб чиқиши билан боғлиқ биринчи ҳолатдир. Беморнинг иммунитети кучсиз бўлган, катта эҳтимол билан, касаллик оғир кечишига шу сабаб бўлган”, — дейилади хабарда.
Вирусга Кенай ярим оролида истиқомат қилувчи ва саратондан даволанаётган қария чалинган. Кузда у баданида оғриқли қизил тошмаларни кўриб қолганидан кейин, унга антибиотиклар тайинланган. Бироқ улар эркакнинг аҳволини яхшиламаган, охир-оқибат ноябрда у касалхонага ётқизилган.
Қариянинг баданини чечакникига ўхшаган тошмалар қоплаган. Тиббий ёрдамга қарамасдан, яралар секинлик билан битган. Шунингдек, унда иштаҳа йўқолган, ўткир буйрак етишмовчилиги ва нафас олиш билан муаммолар кузатилган. Эркак январь охирида вафот этган.
Соғлиқни сақлаш департаменти маълумотларига кўра, у вирусни уйига яқин жойда яшаган дайди мушукдан юқтирган бўлиши мумкин. Жонивор уни бир неча марта тирнаб олган.
Аляскапокс вируси, худди табиий чечак каби, ортопокс вируслар турига киради. У биринчи марта 2015 йилда Аляска марказидаги Фербанкс шаҳридаги беморда аниқланган. Ўшандан буён Аляскада олти киши вирусга чалинган. Касалланиш ҳолатларининг барчаси ҳайвонлар билан контактдан кейин юз берган. Аляскапокс асосан майда сутэмизувчилар — қизил дала сичқонлари ва ерқазар сичқонларда учрайди. Вирусни итлар ва мушуклар ҳам тарқатиши мумкин. Вируснинг одамдан одамга ўтиши бўйича далиллар йўқ.
Шарҳлар