ЕИ ҳар уч йилда Россияга қарши санкцияларни узайтириш масаласини кўриб чиқади

Фото: ЕС

Европа Иттифоқи давлатларининг доимий вакиллари Россияга қарши санкцияларни ҳар 36 ойда узайтириш имкониятини кўриб чиқади, деб ёзади  Financial Times (ФТ), хабардор манбаларга таяниб. Газетанинг ёзишича, Еврокомиссия ҳам чекловларни номаълум муддатга узайтиришни таклиф қилиши мумкин. Энди улар ҳар олти ойда янгиланади.

Бу масалани муҳокама қилиш ЕИнинг Г7 доирасидаги Россия активларидан тушган даромаддан фойдаланган ҳолда Украинага 50 миллиард доллар миқдорида кредит беришга тайёр бўлган Қўшма Штатларни “тинчлантириш”га уриниши билан боғлиқ. Аниқлик киритилишича, Қўшма Штатлар Россия активларидан келадиган даромад яқин келажакда музлатилмаслиги учун «темир кафолатлар» ни талаб қилмоқда. Бундай қарорни маъқуллаш учун Европа Иттифоқига аъзо барча 27 давлатнинг розилиги талаб қилинади, деб хабар беради ФТ.

Венгрия Европа Иттифоқига санкцияларнинг янги муддати тўғрисида қарор қабул қилишда қийинчиликларга дуч келиши мумкинлигини аллақачон маълум қилган. Шу билан бирга, ФТ хабарига кўра, Венгрия бу масалада ҳали бирор томонни танламаган. Нашрнинг ёзишича, аввалроқ Украинага ёрдам кўрсатишга бир неча бор тўсиқ қўйган Венгрия бош вазири Виктор Орбан эвазига Еврокомиссиянинг янги таркибидаги муайян раҳбарлик лавозимларини талаб қилиши мумкин.

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар муддатини узайтирмасдан ҳам қила олади. Агар Венгрия умумий ечимга тўсқинлик қилмаса, ЕИ 40 миллиард доллар беришга тайёрлигини билдириши ва Қўшма Штатлар Г7 бўйича қолган мажбуриятларини тўлашига умид қилиши мумкин, дея қайд этади ФТ.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.