ЕИ Россия активларидан Украинага қурол сотиб олиш учун фойдаланиши мумкин
Еврокомиссия икки ҳафта ичида Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағлардан Украинага қурол сотиб олиш учун фойдаланиш бўйича таклиф киритишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Euractiv аноним манбаларга таянган ҳолда. Бу таклиф Киевни ҳарбий қўллаб-қувватлаш учун Россия жамғармаларидан тушган даромаддан фойдаланишга қаратилган. Европа дипломати Украинани қайта тиклашдан аввал унинг давлат сифатида хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлаб, бундай қадамнинг мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Европарламентнинг 28 февралдаги сессиясида Европа Иттифоқи раиси Урсула фон дер Ляйен Россиянинг музлатилган активларидан тушадиган даромадларни Украинанинг ҳарбий эҳтиёжларига йўналтириш имкониятини улардан энг самарали фойдаланиш йўли сифатида кўриб чиқиш муҳимлиги ҳақида ўз фикрини билдирганди.
Россиянинг музлатилган жами активлари, жумладан, АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи ва Япониядаги активлари тахминан 300 миллиард долларга баҳоланади, унинг асосий қисми Европада ва Бельгиядаги Euroclear платформасида. Мутахассислар суверен маблағлар мусодара қилинса, Европа капитал бозори ва евронинг жозибадорлиги учун хавфлар ҳақида огоҳлантирмоқда.
Аввалроқ, 1 февраль куни ЕИ саммитида Европа Иттифоқининг музлатилган Россия активларидан тушадиган даромадларни Украинага 2027 йилгача 50 миллиард евролик ёрдам дастурини молиялаштиришга йўналтириш таклифи маъқулланган эди. Ушбу режаларга жавобан Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Сергей Рябков Ғарбнинг Россия активларини мусодара қилиш таҳдиди амалга оширилса, Москва томонидан қарши чоралар кўриши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Шарҳлар