ЕИ Украинани тиклашга 2027 йилгача Россиянинг музлатилган активларидан 50 млрд евро ажратади
ЕИ 2027 йилгача Украинани реконструкция қилиш учун биринчи марта Россия Федерациясининг музлатилган активлари ҳисобидан 50 млрд евро ажратади, бу йил эса яна 3 млрд евро ажратишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқи кенгаши хабар беради.
Европа Иттифоқи Кенгаши Ukraine Facility дастури доирасида Украина келгуси 4 йил давомида амалга ошириши керак бўлган ислоҳотлар режасини маъқуллади. У 2024 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда Украинани тиклаш, реконструкция қилиш ва модернизация қилиш учун 50 миллиард еврогача барқарор молиялаштиришни таъминлайди. Бу миқдорни Украинанинг 2024 йилги бюджет даромадлари (46 миллиард евро) билан тенглаштириш мумкин.
Тўловлар миқдори режада белгиланган муайян кўрсаткичларга эришишга боғлиқ бўлади. Украина кўппартиявийлик парламент тизими, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, ҳокимиятлар бўлиниши ва коррупцияга қарши самарали кураш каби демократик механизмларни қўллаб-қувватлаши керак бўлади.
Баҳорда Украина «ўтиш даврини молиялаштириш» сифатида умумий қиймати 6 миллиард евро бўлган дастлабки икки траншни олди. Энди Украина мунтазам тўловларни олади.
Эртага Доимий вакиллар қўмитаси (COREPER) Россия активларидан олинган фойдадан Украинани қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиш бўйича келишувни тасдиқлаши керак, деди “МО” нашрига Европарламентнинг мустақил маслаҳатчиси ва Free Russia Foundation жамғармаси эксперти Петар Танев. Унинг сўзларига кўра, «Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўзларининг миллий даражаларида ушбу қарорнинг бажарилиши бўйича техник текширувлар ўтказади ва келишувни расман тасдиқлайди».
Ўтган ҳафта Европа Иттифоқи элчилари бир неча ҳафталик маслаҳатлашувлардан сўнг Россия активларининг бир фоизини ҳарбий ёрдам ва Украинани қайта тиклаш учун ишлатиш режасини келишиб олганди. Жорий йилда транш 3 миллиард еврогача бўлади.
Европа Иттифоқи Россия Марказий банкининг 210 миллиард еврога яқин активларини музлатиб қўйди. Бельгияда жойлашган Euroclear депозитарийси 2023 йилда фоизлардан 4,4 миллиард еврога яқин даромад олганини билдирди.
Шарҳлар