Экофаоллар Мюнхен аэропортининг фаолиятини тўхтатиб қўйди
“Охирги авлод” (Letzte Generation) ҳаракатининг иқлим фаоллари 18 май, шанба куни эрталаб Мюнхен аэропортидаги учиш-қўниш йўлагига жойлашиб олиб, самолётлар ҳаракатини тўсиб қўйишди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан аэропорт фаолияти фалажланган, дея хабар беради dpa.
“Охирги авлод” фаоллари ўзларининг Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтларида акциядан бир нечта сурат ва видеоларни эълон қилган. Уларда учиш-қўниш йўлагида полиция қуршовида ўтирган атроф-муҳит фаолларини кўриш мумкин. Норозилик акцияси ҳаво транспорти Германиянинг иссиқхона газлари чиқиндиларининг деярли ўн фоизини ташкил этаётгани, бу эса глобал исишга ҳисса қўшаётган бир пайтда ўтказилмоқда. Фаоллар ҳукуматни иқлим ўзгаришига қарши кучлироқ чоралар кўришга чақирмоқда.
Мюнхен аэропорти ушбу дам олиш кунларида 2860 та рейс ва 350 000 га яқин йўловчига хизмат кўрсатишни режалаштирганди.
Шарҳлар