Финляндиялик мактаб ўқувчилари экскурсия чоғида Россия билан чегарани кесиб ўтди

Foto: “RIA Novosti”

Финляндия чегарачилари чегара ҳудудида 10 нафар мактаб ўқувчисини аниқлади. Уларнинг беш нафари Россия ҳудудига киргани туфайли, чегарани ноқонуний босиб ўтганликда гумон қилинди, деб ёзади “Коммерсантъ” жануби-шарқий Финляндия чегара хизматига таяниб.

Ҳодиса 12 сентябрь куни чегарага ёндош Симпеле туманида юз берди. Экскурсия чоғида бир гуруҳ тўққизинчи синф ўқувчилари ўз синфидан ажралиб, ўрмонга — чегарага қараб кетган. У ерда улар Россия чегара постини айланиб ўтиш жараёнини видеога олган.

Финляндия чегара хизмати дастлабки суриштирувни бошлаган. Муассаса Финляндияда жиноий жавобгарлик 15 ёшдан бошланиши туфайли, болаларнинг ота-оналари билан боғланган. Финляндия чегара ҳудудида ҳаракатланиш учун рухсатнома олиш талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, Финляндия ҳукумати қарори билан 2022 йил 30 сентябрдан россияликлар учун мамлакатга туризм мақсадида кириш, шунингдек, Финляндия орқали евроҳудуднинг бошқа мамлакатларига туристик транзит чеклаб қўйилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.