Қирғизистонликлар келажакда эски машиналарни электромобилларга алмаштириши мумкин бўлади

Фото: институт медиа полиси

Келажакда қирғизистонликлар эски автомобилларни электромобилларга алмаштириши мумкин бўлади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров 7 июнь куни Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал-Жассер билан музокаралар чоғида айтиб ўтди.

Жапаровнинг сўзларига кўра, Қирғизистон Хитой билан ҳамкорликда электромобил ишлаб чиқариш бўйича заводни қурмоқда, у йилига 80 мингтагача машина чиқариши мумкин.

“Завод ишга тушган кундан бошлаб биз бутун республика бўйлаб ҳаво сифатига салбий таъсир ўтказаётган эски машиналарнинг барчасини йиғиб оламиз. Ва уларнинг ўрнига фуқароларга уларнинг нархидаги фарқни ҳисобга олиб 10—15 йилга электромобиллар берамиз. Бизда Қирғизистонни электромобилларга ўтказиш режаси бор. Шу йил охиридан ёки келаси йил бошидан уни амалга оширишга киришамиз”, — деди президент.

Бу орада фаоллар Бишкекда троллейбусларни сақлаб қолишни ёқлаб чиқмоқда. Улар экологик троллейбусларни электробуслар билан алмаштириш яхши фикр эмаслигини, электробуслар учун аккумуляторлар зарарли моддалар чиқариши ва кескин иқлим ўзгаришлари туфайли самарадорлигини йўқотишини айтмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.