Эрдўған Зеленскийнинг тинчлик режасини қўллаб-қувватлашини ва қрим-татарлар манфаатларини ҳимоя қилишини билдирди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқара Украина президенти Владимир Зеленскийнинг 10 та банддан иборат тинчлик режасини принципли равишда қўллаб-қувватлашини маълум қилди, деб ёзади Anadolu агентлиги.
“Биз тинчликка эришиш учун аввалроқ Истанбулда бўлиб ўтган музокаралар жараёнини қайта бошлашга тайёрмиз”, — деди Эрдўған Украина — Жануби-Шарқий Европа саммити иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида.
Эрдўған, шунингдек, Туркия Украина мустақиллиги, суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Туркия президенти сўзларига кўра, Анқара қрим-татар халқи ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун бор кучини ишга солмоқда.
Зеленскийнинг режаси Россия қўшинларининг Украина ҳудудидан олиб чиқилиши ва 1991 йилги чегараларнинг қайта тикланиши, шу жумладан, Россия босиб олган Қрим қайтарилишини кўзда тутади.
Шарҳлар