Эрдўғон: Туркия Ливия ва Қорабоғга киргани каби, Исроилга ҳам кириши мумкин
Туркия “ўз вақтида Ливияга ва Тоғли Қорабоғга киргани каби” Исроилга ҳам кириши мумкин, дея маълум қилди мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон. У, шунингдек, “буни қилмаслигимиз учун ҳеч қандай сабаб йўқ”лигини айтди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Бундан ташқари, ўз партиясининг Ризе вилоятидаги бош қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда сўзлаган нутқида Эрдўғон Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос Туркия томонининг республика парламентида чиқиш қилиш таклифига жавоб бермаганини қайд этди. Аввалроқ Туркия президенти Фаластин раҳбарини Анқара ташаббусини эътиборсиз қолдиргани учун узр сўрашга чақирган эди.
2020 йилда Туркия Озарбайжонни қўллаб-қувватлаб, Арманистоннинг Тоғли Қорабоғдаги хатти-ҳаракатларини қоралаган эди. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўшанда “Россия ва Туркиянинг қўшма тинчликпарварлик миссияси” ҳақида маълум қилган эди. Россия Қорабоғда фақат россиялик тинчликпарварлар бўлишини, Туркия билан ҳамкорлик эса Озарбайжон ҳудудидаги мониторинг маркази доирасида амалга оширилишини айтганди. 2023 йил ноябрида Туркия парламенти республика қуролли кучларининг Озарбайжондаги миссиясини бир йилга узайтирганди, уалр Қорабоғ низоси ҳудудида ўт очиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш режимини назорат қилган.
2020 йил январида Эрдўғон Ливия Миллий розилик ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун у ерга қўшинлар юборилишини эълон қилди. Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий ўлдирилгач, Ливия парчаланиб кетди. Мамлакат ғарбида Миллий розилик ҳукумати (ҳозирги Миллий бирлик ҳукумати), шарқда эса Ливия миллий армияси фаолият кўрсатмоқда. 2023 йил ноябрида Туркия ҳарбий контингентининг Ливия бўлиб туриш муддатини узайтирди.
Шарҳлар