Эрон БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч мажлисини чақиришни талаб қилди
Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Ираваний Исроилнинг Ливан ҳудудига ҳужумлар уюштираётгани ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати бош котиби Ҳасан Насрулло ўлдирилгани туфайли, БМТ Хавфсизлик кенгаши шошилинч мажлисини чақиришни талаб қилди, деб ёзади “Коммерсант”. Шундай сўров билан Ираваний БМТ бош котиби Антониу Гутерришга хат орқали мурожаат қилди.
“Эрон Ислом Республикаси Хавфсизлик кенгашини Исроилнинг давом этаётган тажовузини тўхтатиш ва минтақада тўлиқ кўламли уруш юзага келишига йўл қўймаслик учун шошилинч ва қатъий чоралар кўришга қаттиқ туриб даъват этади”, — дейилади Эрон доимий вакили баёнотида.
Аввалроқ Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ”нинг Байрутдаги бош қароргоҳига 27 сентябрь куни кечқурун берилган авиазарба оқибатида ҳаракат бош котиби ҳалок бўлганини маълум қилганди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху гуруҳ бош котибининг ўлими Исроил шимолидан эвакуация қилинган аҳолини уйларига қайтариш учун зарур бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Ҳасан Насруллони йўқ қилиш ҳақида унинг шахсан ўзи буйруқ берган.
Шарҳлар