Эрон Трампга нисбатан суиқасд уюштиришни режалаштиргани маълум қилинди
АҚШ ҳукумати сўнгги бир неча ҳафта ичида Эрон Дональд Трампга суиқасд уюштириш мақсадида тил бириктиргани ҳақида разведка маълумотларини қўлга киритган. Бу ҳақда CNN ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Аммо 13 июль куни Трампга суиқасд уюштирган Томас Мэттью Крукс ва Эрон ўртасидаги алоқага ишора қилувчи далиллар йўқ, дея қайд этди телеканал. Эроннинг БМТдаги миссияси Теҳронга нисбатан айбловларни рад этди.
Разведкадан олинган маълумотлар фонида АҚШ махфий хизмати бир неча ҳафта аввал Трампга нисбатан хавфсизлик чораларини кучайтирган. У кўча митингларини ўтказиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида огоҳлантирилган. Бироқ, манбаларга кўра, қайсидир пайтга келиб, махфий хизмат Трамп билан учрашувга келган меҳмонларни текширмай қўйган.
CNN қайд этишича, Эрон расмий шахслари 2020 йилда Ислом инқилоби посбонлари корпуси қўмондони Қосим Сулаймоний америкалик ҳарбийлар томонидан ўлдирилгани учун ўч олишга тайёрликлари ҳақида кўп марта айтган. Ўша пайтда АҚШ президенти Дональд Трамп бўлган. Яқинда қўлга киритилган разведка маълумотлари Трампга нисбатан хавф кучайганини кўрсатмоқда.
Эроннинг БМТдаги миссияси Трампга нисбатан фитна ҳақидаги айбловларни “асоссиз ва бадният” деб атади. Шунингдек, мамлакат “адолатни тиклашнинг қонуний йўллари”ни қидираётгани таъкидланди.
Шарҳлар