Эронда ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлаган рэпер Тумаж Салоҳий ўлимга ҳукм қилинди
Эронда Ислом инқилобий суди мамлакатда ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлаган 33 ёшли таниқли рэпер Тумаж Салоҳийни ўлим жазосига ҳукм қилди, деб ёзади Reuters.
Мусиқачи 2022 йил октябрида, намойишчиларни қўллаб-қувватлаб омма олдида чиқиш қилганидан кейин қўлга олинганди. Салоҳий “Ерда коррупцияни тарқатганлик”да айбланди, бунинг учун ўлим жазосигача бўлган жазо кўзда тутилган.
2023 йилда рэперга олти йил-у уч ойлик қамоқ тайинланган, у Эрон Олий суди қарори билан ўлим жазосидан қутулиб қолган эди.
2024 йил 24 апрель куни рэпернинг адвокати Амир Раисиян Эроннинг “Шарқ” газетасига маълум қилишича, Исфахон шаҳридаги инқилобий суднинг биринчи филиали Олий суд қарорига қарамай, рэперни олий жазога маҳкум қилган. У ҳали қонуний кучга кирмаган ҳукм юзасидан шикоят қилишга ваъда берди.
Эронда оммавий намойишлар 2022 йил сентябрида 22 ёшли Маҳса Аминий ҳижобни “нотўғри” ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олиниб, сўнг вафот этганидан кейин бошланганди. Норозиликлар бир неча ой давом этган, тўқнашувларда юзлаб одамлар ҳалок бўлган эди. Намойиш иштирокчиларининг кўпчилиги ҳибсга олинган ва қатл этилган.
Шарҳлар