Эронни вақтинчалик бошқарадиган шахс Муҳаммад Моҳбар ким?

Фото: “Kommersant”

Эрон президенти вазифасини мамлакатнинг вице-президенти Муҳаммад Моҳбар бажариши кутилмоқда. Унинг лавозимини мамлакатнинг олий раҳбари, давлат ишларида сўнгги сўзни айтувчи оятуллоҳ Али Ҳумайний тасдиқлаши керак.

68 ёшли Моҳбар 2021 йилги сайловлар натижасига кўра ҳокимиятга Раисий келганидан кейин биринчи вице-президент этиб сайланган. Моҳбар олий раҳбар Али Ҳумайнийга яқинлиги билан машҳур. У яқин 50 кун ичида янги президент сайловини ташкил этадиган 3 кишидан иборат кенгашга аъзо бўлиб киради.

Моҳбар ўтган йили октябрда Эрон Россия ҳарбийларига «ер-ер» синфидаги узоқ масофали ракеталар ва қўшимча дронлар етказиб беришга рози бўлганида Москвага ташриф буюрган эди. 2010 йилда Европа Иттифоқи Моҳбарни  ядро ёки баллистик ракета фаолияти билан боғлиқлиги сабабли санкциялар рўйхатига киритган. 2 йилдан сўнг у рўйхатдан чиқарилган.

Олдин Моҳбар Эрон олий раҳбарига боғлиқ Setad инвестиция жамғармасига раҳбарлик қилган. 2013 йилда АҚШ Молия вазирлиги ушбу жамғарма ва унга бўйсунадиган 37 та компанияга нисбатан санкциялар жорий этган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.