Эстония ТИВ тунда россиялик чегарачилар мамлакатлар ўртасидаги чегарани белгиловчи сузувчи буйларни олиб қўйганини билдирди

Фото: PPA

23 майга ўтар кечаси россиялик чегарачилар Россия ва Эстония ўртасидаги Нарва дарёсида юк ташиш йўналишларини белгилаш учун ўрнатилган 50 та сузувчи буйдан 25 тасини олиб қўйган. Бу ҳақда Delfi ва ERR нашрлари Эстония полицияси ва чегара қўриқлаш департаментига таяниб хабар беради.

Шарқий префектуранинг чегара бўлими бошлиғи Эрик Пургелнинг сўзларига кўра, ҳар йили баҳорда Эстония ва Россия чегарачилари Нарва дарёси бўйлаб сузувчи буйларни жойлаштириш тўғрисида келишиб олишади, уруш бошланишидан олдин бу “асосан ўзаро келишув асосида” амалга оширилган. Буйлар кўп йиллар давомида бир хил жойларда турган. Бироқ, бу йил Россия сабабларини тушунтирмасдан, уларнинг тахминан ярмининг жойлашуви бўйича ўзининг норозилигини эълон қилган.

Эстония Ташқи ишлар вазирлиги буйларнинг олиб ташланишини Россия томонининг провокацияси деб атади ва уларни қайтаришни талаб қилди. “Россия чегарачилари томонидан зулмат ниқоби остида амалга оширилган бу ҳаракатлар Россия Федерациясининг, шу жумладан қўшнилари билан – охирги пайтларда Литва ва Финляндия билан чегарадаги провокацион хатти-ҳаракатларининг кенгроқ намунасига жуда мос келади”, – дейилади баёнотда.

Кейинроқ Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цхакна Нарвадаги воқеа юзасидан Россиянинг муваққат ишончли вакилини чақиртиришини маълум қилди.

Россия расмийлари Эстониянинг айбловларига изоҳ бермади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.