Қримнинг Феодосия шаҳрида Украина дронлари ҳужумидан кейин нефть базаси ёнмоқда
Қрим ярим оролидаги Феодосия шаҳрида нефть базаси ёнмоқда. Бу ҳақда маҳаллий ҳукуматларга таяниб Россия агентликлари хабар бермоқда. Ёнғин сабабларига ҳукумат аниқлик киритгани йўқ, аммо иккала томон Telegram-каналлари ҳам Украина дронларининг Қримга ҳужумлари ҳақида хабар берганди.
Феодосия нефть базаси шаҳарнинг шарқий чеккасида жойлашган бўлиб, у турли ҳажмдаги 32 та резервуарларни ўз ичига олади. Telegram-каналлар Феодосияга қўшни Береговое қишлоғидан олинган видеони эълон қилди, унда нефть базасидан чиққан ёнғинни кўриш мумкин.
Тунда Россия ва Украина Telegram-каналлари Қримдаги турли нишонларга дронлар ҳужуми ҳақида хабар берган эди. Бироқ ушбу хабарлар асосан Қримнинг бошқа ҳудудлари, шу жумладан, Евпатория ва Севастополь туманларига тегишли эди.
Баъзи манбаларга кўра, Феодосияда портлашлар маҳаллий вақт билан 4:30 да юз берган.
Шарҳлар