Филипп Киркоров, Ани Лорак ва яна 30 дан ортиқ киши Украинанинг давлат мукофотларидан маҳрум этилди

Фото: Serge Serebro

Украина президенти Владимир Зеленский ўз фармони билан 34 кишини – Украинанинг собиқ амалдорлари ва депутатлари, санъат арбоблари, шунингдек, россиялик сиёсий, диний ва маданият арбобларини давлат мукофотларидан муддатсиз маҳрум қилди. Бу ҳақда 22 ноябрь куни Зеленскийнинг матбуот хизмати хабар берди.

Россиялик қўшиқчилар Филипп Киркоров, Николай Басков, Александр Малинин, россиялик бастакор Игорь Крутой “Украина халқ артисти” унвонидан, қўшиқчилар Ани Лорак (ҳақиқий исми Каролина Куэк) ва Таисия Повалий эса Украинада хизмат кўрсатган артист унвонларидан маҳрум бўлишди.

Рус православ черкови патриархи Кирилл 1-даражали князь Ярослав Мудрий орденидан маҳрум этилди.

Шунингдек, Украина санкциялари остида бўлган яна саккиз киши давлат мукофотларидан маҳрум қилинди. Уларнинг орасида Олий Раданинг собиқ депутати Виктор Медведчук, Украинанинг собиқ бош вазири Николай Азаров ва Украинанинг собиқ бош прокурори Виктор Пшонка ҳам бор.

20 ноябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский Украина миллий хавфсизлиги асосларига қарши, тинчлик, инсоният хавфсизлиги ва халқаро ҳуқуқ ва тартиботга қарши жиноят содир этган, шунингдек, Украина санкциялари остида бўлган шахсларни давлат мукофотларидан маҳрум қилишни назарда тутувчи қонунни имзолади..

Hromadske нашрининг қайд этишича, Зеленскийнинг 22 ноябрдаги фармонида кўрсатилган 34 нафар киши қабул қилинган қонун доирасида биринчи бўлиб давлат мукофотларидан маҳрум этилган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.