,

Финляндия президентлигига номзодлар Путиннинг қўнғироғига жавоб бериш-бермаслик борасида баҳслашди

Фото: EPA

Яқинда Финляндия президенти сайловининг иккинчи босқичига ўтган номзодлар Александр Стубб ва Пекка Хаависто Россия президенти Владимир Путин уларни сайловда ғолиб бўлгани муносабати билан табриклашга қарор қилган тақдирда, унинг қўнғироғига жавоб бериш-бермаслик борасида фарқли фикр билдирди, деб ёзади “РБК”.

“Мен жавоб бермаган бўлардим… Айни пайтда бизнинг Россия билан ҳеч қандай сиёсий алоқаларимиз йўқ, мен эса уруш тугамагунича ёки иттифоқдошларимиз билан бу масалада келишиб олмагунимизча, бунга ҳожат йўқ деб ўйлайман”, — дея жавоб берди Стубб тегишли саволга.

Хаависто, ўз навбатида, қўнғироққа жавоб берган бўлишини, чунки гап давлат раҳбарининг қўнғироғи ҳақида бораётганини айтди. Аммо у Евроиттифоқ даражасида иттифоқдошлар билан келишмасдан туриб сиёсий мавзудаги муҳокамаларни истисно қилди.

Стубб — ўнг марказчи Миллий коалиция партиясидан номзод, собиқ бош вазир ва собиқ ташқи ишлар вазири. Биринчи босқичда 27,2 фоиз овоз тўплади.

Хаависто — “Яшил иттифоқ” партияси аъзоси ва собиқ ташқи ишлар вазири. Биринчи босқичда унга сайловчиларнинг 25,8 фоизи овоз берди.

Эслатиб ўтамиз, 28 январь, якшанба куни ўтказилган овоз бериш якунларига кўра, ҳеч қайси номзод 50 фоиздан кўп овоз йиға олмаганди. Финляндияда президент сайловининг иккинчи босқичи 11 февралда бўлиб ўтади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.