Финляндия РФ билан чегарадаги иккита ўтказиш пунктини ёпди
Финляндияда 24 октябрдан бошлаб Россия билан чегарадаги “Париккала” ва “Инари” вақтинчалик назорат-ўтказиш пунктлари ёпилди. Ҳозирда ушбу назорат-ўтказиш пунктлари тўлиқ ёпилган, дея хабар беради Deutsche Welle.
Биринчи ўтиш жойида ҳаракат 2022 йилда Россия ёғочларини экспорт қилиш чекловлари туфайли, иккинчисида эса 2021 йилда тўхтатилган эди. Департамент баёнотида айтилишича, расмийлар назорат-ўтказиш пунктини тўлиқ ёпиш учун барча чораларни кўради, жумладан, чегара ўтиш жойини билдирувчи белгиларни демонтаж қилади.
Финляндия 2023 йил ноябрь ойи ўрталаридан бошлаб Россиядан транзит ўтаётган ва бошпана сўраб келаётган Яқин Шарқ давлатларидан келаётган муҳожирлар оқими туфайли Россия билан чегарадаги бошқа назорат-ўтказиш пунктларини ҳам ёпишни бошлади. Чегара дастлаб 14 декабргача ёпиқ эди. Кейинчалик, қисқа очилишдан сўнг, ўтиш тақиқи январь ойининг ўрталарига қадар, кейин эса яна бир ойга узайтирилди.
Аввалроқ, 27 сентябрь куни мамлакат мудофаа вазири Антти Хяккянен Финляндия Россия чегарасидан 200 километрдан камроқ масофада жойлашган Миккели шаҳрида НАТО қўмондонлик базаси ташкил этилишини маълум қилган эди. “Биз НАТОнинг тўлақонли аъзомиз ва НАТО Финляндия мудофааси учун ҳам жуда муҳим”, – деганди Хяккянен.
Шарҳлар