,

Финляндия Россия билан чегарани апрель ўрталаригача очмасликка қарор қилди

Финляндия ҳукумати Россия билан қуруқликдаги чегарада жойлашган ўтказиш пунктларини камида 14 апрелга қадар очмасликка қарор қилди, деб ёзади Meduza мамлакат ИИВга таяниб.

“Биз Россия ўз хулқини ўзгартираётганидан дарак берувчи биронта белги кўрмадик. Аксинча, биз қўлга киритган ахборот Россия ўз гибрид операциясини давом эттираётгани ҳақидаги тахминларимизни тасдиқлайди”, — деди Финляндия ички ишлар вазири Мари Рантанен.

Ички ишлар вазири таъкидлашича, ҳукумат чегараларнинг ёпиқлиги мамлакат аҳолисида, айниқса, “оилалари Россия томонида бўлган одамларда” хавотир уйғотишини англайди. Бироқ, деди у, бундай хатти-ҳаракатлар миллий хавфсизлик приоритетларидан келиб чиқади, бундай чоралар қўллашга эса Финляндияни айнан Россия мажбур қилган.

Финляндия Россия билан чегарадаги ўтказиш пунктларини ноябрь ўрталаридан ёпишни бошлади. Бу қарорни мамлакат ҳукумати Россия томонидан келиб, бошпана сўраган муҳожирлар (асосан Яқин Шарқ мамлакатларидан) оқими билан изоҳлади. Дастлаб чегара 14 декабргача ёпилди, сўнг назорат-ўтказиш пунктлари очилди, аммо атиги бир неча соатга — чегарада дарҳол бошпанага умид қилган муҳожирлар пайдо бўлди. Чегара январь ўрталаригача ёпилди, кейин эса бундай чоранинг амал қилиш муддати яна бир ойга — февраль ўрталаригача узайтирилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.