Финляндия Россиянинг ҳарбий самолёти ўз ҳаво ҳудудига бузиб кирганини маълум қилди

Фото: Википедия

Финляндия душанба куни рус ҳарбий самолёти ўз ҳаво ҳудудига бузиб киргани ҳақида маълум қилди – бу мамлакат ўтган йили НАТОга қўшилганидан буён содир бўлган биринчи шундай ҳолат бўлди, дея хабар беради Bloomberg.

Финляндия мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, самолёт душанба эрталаб тахминан икки дақиқа Финляндия ҳаво ҳудудида бўлган. Ҳодиса Фин қўлтиғининг шарқий қисмида юз берган, самолёт Финляндия ҳудудига 2,5 километр кириб борган.

«Биз ҳудуд бузилиши эҳтимолига жиддий қараймиз ва дарҳол текширув бошладик», – деди мудофаа вазири Антти Хяккянен.

Сўнгги марта бундай ҳодиса 2022 йил август ойида содир бўлган, унда иккита рус қирувчи самолёти Финляндия ҳаво ҳудудига кириб борган эди.

Финляндия Россия билан 1300 километрдан ортиқ чегарага эга – бу масофа НАТО шарқий флангининг тахминан ярмини ташкил этади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.