,

Финляндияда президентни сайлай олишмади, энди сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилади

Фото: Reuters

Финляндияда президент сайловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтади. 28 январь, якшанба куни ўтказилган овоз бериш якунларига кўра, ҳеч қайси номзод 50 фоиздан кўп овоз йиға олмаган. Овозлар ҳисоблаб чиқилганидан кейин маълум бўлишича, иккинчи босқичга собиқ бош вазир Александр Стубб ва собиқ ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто ўтди, деб ёзади “Коммерсантъ”.

Сайловда Стубб етакчилик қилди, у 27,2 фоиз овоз тўплади. Хаависто 25,8 фоиз овоз йиғди. Финляндия парламенти спикери Юсси Халла-ахога сайловчиларнинг 19 фоизи, Финляндия банки бош директори Олли Ренга эса 15,3 фоизи овоз берди. Қолган номзодлар 5 фоиздан кам овоз тўплади.

“Биз финалга чиққанга ўхшаймиз. Лекин биласизми нима? Пойга энди бошланяпти”, — деди Стубб овозларни санаш чоғида. У ўз тарафдорларини 13 кун давомида “телбалардек ишлаш”га чақирди.

Хаависто ўз натижаларини “жуда яхши” деб атади. “Бу одамларни хавотирга солаётган муаммолардир, уларга эса фин халқи муаммоларини тушунадиган президент керак”, — деди у.

Овоз беришда сайловчиларнинг 74,9 фоизи қатнашди. 2018 йилги сайловларда эса бу кўрсаткич 69,9 фоизга тенг бўлганди. Ўшанда Саули Ниинистё 62,2 фоиз овоз тўплаб, биринчи босқичдаёқ ғолиб бўлганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.