Forbes журналисти армия ҳақида фейклар жиноят иши бўйича қўлга олинди

Фото: пятый канал

Forbes журналисти Сергей Мингазов Хабаровскда Россия армияси ҳақида сохта хабарлар тарқатганликда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда унинг адвокати Константин Бубон Facebook тармоғидаги саҳифасида маълум қилади.

Мингазовга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 207.3-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддада назарда тутилган энг юқори жазо 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишдир. Адвокатнинг сўзларига кўра, Мингазов Хабаровск шаҳар Ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда.

Бубоннинг аниқлик киритишича, иш қўзғатилишига Мингазовнинг “Хабаровская Мингазета” Телеграм-каналида Бучадаги воқеалар ҳақидаги нашрнинг репости сабаб бўлиши мумкин. Forbes нашрининг ёзишича, муҳаррирлар журналист билан боғлана олмаган.

Адвокатнинг “РБК”га айтишича, Мингазовнинг уйи тинтув қилинган, сўнг у Тергов қўмитасига олиб кетилган ва унга айблов қўйилган, деб ёзади нашр ўзининг Телеграмдаги саҳифасида. Журналистга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш бўйича суд мажлиси 27 апрель куни бўлиб ўтади, дея қўшимча қилади Бубон.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.