Франция сенати Евроиттифоқни Озарбайжонга қарши санкциялар киритишга чақирди
Франция сенати Европа иттифоқини Озарбайжонга қарши санкциялар киритишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Франция сенаторлари фикрича, Боку ўтган йили Тоғли Қорабоғда олиб борилган ҳарбий операция учун жавобгарликка тортилиши керак.
Резолюция лойиҳасини ёқлаб 336 сенатор овоз берди, фақат бир нафар сенатор қарши чиқди. Йиғилишда жами 339 парламент аъзоси қатнашган. Франциялик сенаторлар Озарбайжон “Арманистонга қарши такрорланиб турган агрессив хатти-ҳаракатлар учун жазоланиши” керак, деган фикрда.
Резолюцияда алоҳида таъкидланишича, озарбайжонлик мансабдорлар активларини мусодара қилиш ҳамда Озарбайжондан газ ва нефть импортига эмбарго киритиш каби энг қатъий чоралар кўрилиши зарур.
Арманистоннинг Франциядаги элчихонаси Парижга Ереванни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди ва Озарбайжонга қарши санкциялар киритиш ҳақидаги ташаббусни Евроиттифоққа аъзо бошқа мамлакатлар ҳам қўллаб-қувватлашига умид билдирди.
2023 йил 19 сентябрида Озарбайжон Қорабоғда “аксилтеррорчилик операцияси” ҳақида эълон қилганди. Бир кеча-кундуздан кейин Боку ва тан олинмаган республика ҳукумати ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олди. Қорабоғ маълумотларига кўра, жанговар ҳаракатлар натижасида камида 200 киши ҳалок бўлган. Озарбайжон ўз томонидан 192 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини маълум қилган. Тоғли Қорабоғ ҳудуди охир-оқибат тўлиқ Озарбайжон назорати остига ўтган.
Ушбу воқеалар фонида Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматлари ўтган йил охирида икки томонлама муносабатлардаги барча ихтилофларни ҳал қилиш ва тинчлик сулҳини тузиш ниятлари ҳақида маълум қилди.
Шарҳлар