Франция ТИВ Навальнийнинг ўлими туфайли Россия элчисини чақиртирди
Франция Ташқи ишлар вазирлиги Алексей Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россия элчиси Алексей Мешковни вазирликка чақирди. Бу ҳақда муассаса раҳбари Стефан Сежурне маълум қилди, деб ёзади “РБК”.
“Мен бугун (19 февраль куни) Россия элчисини чақиришни сўрадим”, — деди Франция ТИВ раҳбари Аргентинага сафари чоғида.
Аввалроқ ушбу сабаб юзасидан Финляндия, Германия, Буюк Британия, Нидерландия, Испания ва Швеция Ташқи ишлар вазирликлари ҳам Россия элчиларини чақиртирган эди.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Ямал-Ненец мухтор округи бўйича Жазоларни ижро этиш федерал хизмати Алексей Навальний Харп қишлоғидаги “Полярний волк” колониясида вафот этганини маълум қилди. Муассаса талқинига кўра, сиёсатчи сайрдан кейин ўзини ёмон ҳис қилган. RТ пропаганда телеканалининг манбаси Навальний ўлимининг сабабини тромб узилиб кетиши билан изоҳлади.
Аввалроқ Евроиттифоқ ва АҚШ етакчилари РФ президенти Владимир Путин Алексей Навальний қамоқхонада вафот этгани учун жавобгар бўлишини маълум қилганди. Кремлдагилар буни изоҳлар экан, судтиббийэкспертлар хулосалари ҳали бўлмагани сабабли, баёнотларни “ҳаддидан ошиш ва мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган” деб атади.
Евроиттифоқнинг хорижий масалалар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Россия Алексей Навальнийнинг “тўсатдан юз берган ўлими юзасидан мустақил ва шаффоф халқаро суриштирув ўтказишга имконият яратиши” кераклигини айтди.
Шарҳлар