Францияда 75 минг киши муҳожирлар ҳақидаги қонунга қарши намойишга чиқди
Франциянинг турли шаҳарларида иммиграция ҳақидаги янги қонунга қарши намойишлар бўлиб ўтди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Ички ишлар вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, кўчаларга қарийб 75 минг киши чиққан. Тўрт кундан кейин Франция Конституциявий кенгаши ушбу қонун лойиҳаси бўйича хулоса тақдим этиши керак.
Полиция маълум қилишича, Парижда 16 минг киши акцияда қатнашган. “Умумий меҳнат конфедерацияси” касаба уюшмаси эса бутун Франция бўйлаб 150 минг намойишчи ҳақида маълум қилган. Акция иштирокчилари “Қонунни қайтиб олинг”, “Французми, муҳожирми — барчамиз ишчи синфиданмиз” каби шиорлар билан чиққан.
200 дан ортиқ француз машҳурлари қонунга қарши намойишга чиқишга даъват қилди. Уларнинг фикрича, қонунга тузатишлар “ўта ўнгларнинг мафкуравий ғалабаси”ни англатади: гап шу ҳақда бормоқдаки, “Миллий бирлашув” националистик партияси овози парламентда овоз бериш чоғида ҳал қилувчи бўлади.
2023 йил декабрида парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган, иммиграция тўғрисидаги қонунга тузатишларни парламент киритган эди. Ушбу тузатишлар муҳожирлар учун қоидаларни қатъийлаштиради, хусусан, ижтимоий нафақалардан фойдаланиш имкониятини чеклайди, шунингдек, қонунни бузганларни мамлакатдан чиқариб юбориш жараёнини осонлаштиради ва муҳожирларга нисбатан кунлик квоталарни жорий қилади.
Шарҳлар