Францияда «Газпром»нинг вилласи тортиб олинди
Франция суди Kot-d’Azur соҳилидаги Рокбрюн-Кап-Мартенеда жойлашган Ирина Мария вилласига эгалик ҳуқуқини музлатиб қўйди, деб хабар бермоқда Le Monde. Қарор пул ювиш билан боғлиқ тергов доирасида қабул қилинган. Расмий равишда вилла Tashir компаниялар гуруҳи асосчиси россиялик миллиардер Самвел Карапетянга тегишли, бироқ Париж прокуратураси унинг ҳақиқий бенефициарини Газпром шоъба корхонаси деб билади.
Илгари Villa del Mare номи билан аталган мулк 120 миллион еврога баҳоланган. Уч гектар майдонда асосий кўп қаватли бинодан ташқари учта бассейн, теннис корти ва вертолёт майдончаси мавжуд.
Виллага эгалик ҳуқуқини ва SNC Maritime Villa Holdingга эгалик қилувчи компания акцияларини музлатиш тўғрисидаги қарор 12 февраль куни қабул қилинган. Қайд этилишича, бу Украинада уруш бошланганидан бери Россия кўчмас мулкининг энг муҳим мусодараси бўлди. Париж прокуратураси уюшган жиноятчиликка қарши (Junalco) 2009 йил 11 декабрдан бери Париж, Кипр, Россия ва Рокбрюн-Кап-Мартене шаҳарларида содир этилган оғирлаштирилган пул ювиш ҳолатларини тергов қилди.
Шарҳлар